ИЗЛАНИШДАН НАТИЖАГАЧА…

Омина зиёли оилада дунёга келди. Болалигидан қоғоз-қалам, китобга ошно бўлди. Ҳар тонг мактабга шошаркан, елкасидаги сумкадан кўра қалбидаги орзулари унга куч берарди. Ўшандаёқ илк устозлари илғаган истеъдоди эса нафақат қувонч, балки масъулият ҳам юклагани рост.

У бир қарашда у оддий ўқувчи, аммо унинг ички дунёсида бутун бир олам яшар эди. Китоб — унинг энг яқин дўсти, илм эса келажакка очилган эшиги бўлди. Кўпчилик дам олишни истаган пайтда у изланар, ўрганар, ўз устида ишлашдан тўхтамасди.

Бугун Омина Олимжонова билан нафақат оиласи, балки туман халқ таълими бўлими ҳам фахрланиши бор гап. 2-умумтаълим мактабини олтин медаль билан тамомлагач, Андижон Чет тиллари институтининг инглиз филологияси факультети, Мактабгача ва бошланғич таълимда инглиз тили йўналишига 1-ўринда давлат гранти асосида қабул қилинди. Албатта, изланувчан қиз бу маррага етиб келиш учун ўрта таълимдаёқ етарли замин ҳозирлаганди. Бир неча бор турли танловлардаги, фан олимпиадаларидаги ғалабалар, миллий сертификатларни қўлга киритиш ҳамда халқаро IELTS да 6.5 баллга эга бўлиш – буларнинг барчаси олий таълим учун етарли асос бўла олди.

Иқтидорлилар учун йўл ҳамиша текис бўлмайди. “Қиз болага шунча ўқиш шартми?”, “Барибир оила деган гап бор” каби сўзлар унинг ҳам атрофини четлаб ўтмади. Аммо у бу фикрларга жавобни амал билан берди. Билими, интилиши ва сабр-тоқати билан ўз орзуларининг ҳақ эканини исботлади.

Айни вақтда Омина институтнинг 3-босқичида таҳсил олмоқда. Хорижий тилларни ўргатиш ўқув марказидан иш учун таклиф бўлганида иккиланмади. Ўзига бўлган ишонч, билим даражаси, инглиз тилини болаларга эрта ёшдан ўргатишга бўлган кучли иштиёқ билан ҳоизрда етук мутахассисга айланиб улгурди. Олий таълим даргоҳида фаол ва лидер талабалар сафида биринчиликни қўлдан бермайди. “Маърифат майдони”, “Ёш китобхон” танловлари унинг мутолаа борасидаги интилишларини мудом чархлаб келаётир.

Юқори марраларни забт этишдан тўхтамайдиган қизгина IELTS да янги натижани қайд этди: 7.5. аризона университети томонидан ишлаб чиқилган халқаро TESOL сертификатига эга бўлди. Топ университетлар қаторидаги Yale ҳамда Harvard томонидан ишлаб чиқилган болалр билан мулоқот қилишни ва бизнес бошқариш курсларини муваффақиятли тамомлади. Келгусида халқаро ва ўз тажрибаларини уйғунлаштирган ҳолда замонавий мактабгача таълим муассаси фаолиятини йўлга қўймоқчи.

Мухтасар айтганда, Омина Олимжонованинг ютуқлари фақат шахсий ғалаба эмас. Ҳар бир муваффақият ортида ота-онасининг дуоси, устозларининг ишончи, жамиятнинг қўллаб-қувватлаши бор. Энг муҳими, у бошқа қизлар учун умид чироғига айланди. “Мен ҳам қила оламан”, деган ишончни уларнинг қалбига жойлай олди.

Зилола РАҲМОНОВА.

 

Skip to content